Мадинабону Манноповани табриклаймиз!
Бугун маҳоратли таэквондочимиз, Осиё ўйинлари финалчиси Мадинабону Маннопова ўз таваллуд айёмини нишонламоқда.
Мадинабону Маннопова 2001 йил 13 апрель куни Тошкент шаҳрида туғилган. Мадинабону ёш бўлишига қарамасдан бир қатор муваффақиятларга эришиб улгурган. Жумладан, 17 ёшида 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида кумуш медални, шу йили Вьетнамда катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритди. 2019 йил Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтган Ҳарбийлар ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, 2021 йил Ливан мезбонлигидаги қитъа биринчилигида ўз коллекциясини яна бир кумуш медаль билан бойитди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Мадинабонуни бугунги таваллуд айёми билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва улкан ғалабалар тилаб қолади.