Енгил атлетика бўйича халқаро эксперт иштирокида мураббийларимиз учун техник курс ўтказилмоқда
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг базасида ушбу спорт тури бўйича халқаро эксперт иштирокида маҳаллий мураббийларимиз учун техник курс бошланди. 20 апрелга қадар давом этадиган тадбир Халқаро Олимпия қўмитасининг “Олимпия бирдамлиги” дастури асосида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ундаги дарслар Халқаро енгил атлетика федерацияси эксперти Евгений Шумарин томонидан олиб борилмоқда.
Бугун ушбу тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев, Евгений Шумарин, федерация мутасаддилари ва иштирокчилар жам бўлишди. Ўз нутқида Ойбек Омилович юртимизда ҳар бир спорт турини янада ривожлантиришга, айниқса, жаҳон тажрибасидаги сўнгги ютуқларни мамлакатимизда ҳам татбиқ этишга давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.
Техник курс машғулотларида Республикамизнинг турли вилоятларидан келган 24 нафар мураббий назарий ва амалий машғулотлар орқали ўз билимларини бойитишади. Якунда олинган кўникмалар асосида имтиҳон топширилади ва ундан муваффақиятли ўтган мутахассисларга "Олимпия бирдамлиги" лойиҳасининг махсус сертификати топширилади.
Ушбу семинарда болалар ва ўсмирларга енгил атлетиканинг дастлабки сабоқларини қандай бериш, улар билан олиб бориладиган машғулотларда нималарга аҳамият қаратилиши, ёш атлетлар оладиган юкламаларни тўғри тақсимлаш каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор кўрсатилади.