Ру En O'z
12 Апрель 2022 1909

Ўқ отиш: Спортчиларимиз шу йилнинг ўзидан Париж-2024 йўлланмалари учун баҳсларга киришадилар

Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун ажратилган квоталар асосида ҳар бир халқаро федерация ўз йўналишидаги квалификацион тизимни тасдиқламоқда. Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси ҳам бу борада расмий маълумот берди.

Унга кўра, ҳар бир мамлакат учун ажратилган максимал квота 24 тагача қисқартирилди. Бу ўтган Олимпия ўйинларига қараганда 6 тага кам дегани. Энди ушбу спорт турида жами 340 та йўлланмалар ўйналади. Токио-2020 Олимпиадасида бу кўрсаткич 360 тани ташкил этган.

Спортчилар учун ажратилган квоталар қисқартирилганига қарамасдан ўйналадиган медаллар жамланмаси ва йўналишлар ўзгаришсиз қолган. Париж-2024 Олимпия ўйинларида ҳам 12 та шахсий ва 3 та аралаш жамоавий, жами 15 та дастурда медаллар комплекти ўз эгаларига топширилади.

Тизимга кўра, шу йилнинг ўзидан спортчиларимиз Олимпиада йўлланмалари учун кураш олиб боришади. Атлетларимиз учун биринчи квалификация 27 сентябрь – 10 октябрь кунлари Осиек (Хорватия) шаҳрида ўтиб, унда стенддан отиш бўйича 16 йўлланма, сўнг 12-25 октябрь кунлари Қоҳира (Миср) шаҳрида ўқ отиш йўналишлари бўйича 32 та лицензия ўз эгаларига топширилади. Ҳар икки мусобақа ўз йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб, қолган йўлланмалар келгуси йил ўтадиган дунё биринчилиги, Осиё чемпионати ва квалификацион мусобақаларда ўйналади.

Бўлажак мусобақаларда мерганларимизга омад тилаб, Париж-2024 Олимпиадаси учун делегациямиз ҳисобига салмоқли йўлланмалар қўшишларига ишонамиз.

Text to speech