Александр Ким: "Таэквондочиларимиз июнь ойида учта нуфузли халқаро мусобақада иштирок этишади"
Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси мураббийи Александр Ким Тошкентдаги йиғин ва бўлажак режалар ҳақида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси матбуот хизматига интервью берди. Қуйида таэквондочиларимизни олдинда қандай мусобақалар кутаётгани ва жамоа режалари ҳақида тайёрланган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
- Александр Анатольевич, дастлаб Тошкентда ўтаётган йиғин ҳақида маълумот берсангиз...
- 4 апрелдан Тошкентда навбатдаги йиғинни бошладик. Барча спортчилар соғ-саломат ва машғулотларда қатнашишмоқда. 15 апрелдан ушбу йиғин халқаро мақомни олиши кутилмоқда.
- Қандай қилиб?
- Сабаби Тошкентга Грузия ва Хитой Таипейи таэквондо терма жамоалари келиши режалаштирилган. Агар келишув амалга ошса, Тошкентда учта терма жамоа бирга халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.
- Мазкур йиғинда айнан қандай машғулотларга урғу берилмоқда?
- Бу йиғинда спортчиларимизнинг жисмоний ҳолатини ушлаб туриш мақсадида умумжисмоний тайёргарлик ва махсус жисмоний тайёргарликка урғу бермоқдамиз. Яқинда бўлиб ўтган халқаро мусобақада қатнашган таэквондочиларнинг камчиликларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
- Таэквондочиларимиз олдида турган навбатдаги мусобақалар қайси?
- Терма жамоамиз июнь ойида учта халқаро мусобақада иштирок этиши кутилмоқда. Улардан биринчиси Олимпия рейтингидаги энг кучли 32 нафар спортчи иштирок этадиган дастлабки Гран-при. Ушбу мусобақа 3-5 июнь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтади. 27 июнь куни Хитойда Бутунжаҳон Универсиада баҳслари бошланади. 24-27 июнь кунлари Жанубий Кореяда таэквондо бўйича Осиё чемпионати ўтказилади. Ҳозирда тайёгарликлар ушбу стартларга қаратилган.