Жиззахлик ёшларга ихтисослаштирилган дзюдо зали фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг енгил конструкцияли (сендвич-панелли) спорт иншоотларини қуриш бўйича берган топшириқлари бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлиги давом этади. Бу гал Жиззахда ихтисослаштирилган дзюдо зали қурилди.
Жиззах шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида ана шундай енгил конструкцияли дзюдо залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати. Байрамона руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳамда мактаб жойлашган маҳалла фаоллари ҳозир бўлишди. Маросимнинг кириш қисмида рамзий маънодаги лента кесилиб, дзюдо зали калити ўз эгаларига топширилди.
«Ушбу лойиҳа доирасида Республика бўйлаб ҳар бир вилоятда замонавий ихтисослаштирилган дзюдо заллари бунёд этилмоқда. Лойиҳага кўра, Республикамизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларидаги 14 та мактабда 28 000 ўқувчи ва 70 000 нафар болаларни спорт тўгаракларига жалб қилиш имконияти юзага келади. Бизнинг асосий мақсадимиз – жойларда соғлом турмуш тарзини янада шакллантириш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг дзюдога бўлган меҳрини мактаб ёшиданоқ уйғотишни таъминлашдан иборат», - деди А. Камилов.
Дзюдо зали қисқа фурсатда бунёд этилган бўлиб, замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Залга тўшалган татамида бемалол нуфузли халқаро турнирларни ўтказиш мумкин. Зал ҳажми 30 метрга 18 метрни ташкил қилади. Баландлиги - 10 метр.
Мактаб ўқувчилари ҳамда дзюдо спорт тури вакилларининг кўргазмали чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади. Йил охиригача қолган вилоятларда ҳам айни пайтда қурилиши давом этаётган дзюдо заллари фойдаланишга топширилади.