МОҚ қошидаги тиббиёт маркази халқаро сертификат олиш йўлида қадам ташламоқда
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази замонавий шароитларга эга бўлган юртимиздаги илғор тиббиёт муассасаларидан ҳисобланади. Марказнинг янги раҳбари Камол Сирожитдинов РСТИАМдаги фаолиятини Марказни халқаро аккредитациядан ўтказиш мақсадида масъул ташкилот мутасаддилари билан учрашишдан бошлади.
Бу борада Камол Комилович Ботагоз Каупбаева бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш сифати бўйича аккредитация маркази (ACQH) вакилларини қабул қилди. Ташриф давомида меҳмонлар МОҚ қошидаги тиббиёт марказининг имконияти, замонавий инновацион техникалар билан жиҳозланганлиги, мижозларга хизмат кўрсатиш қамрови ва шароитларни ўрганди. Тор доирада ўтган учрашув давомида Камол Сирожитдинов давлатимиз томонидан барча йўналишлар қатори спорт тиббиёти йўналишига ҳам кўрсатилаётган эътибор, соҳани қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Маълумот учун, ушбу ташкилот Қозоғистон Республикасининг соғликни сақлаш аккредитацияси бўйича жаҳонда тан олинган, шунингдек, МДҲ давлатлари орасидаги ягона аккредитация маркази ҳисобланади. Ташкилот аккредитациядан ўтказиш жараёнида ўрганилаётган объектга 500 та кўрсаткич бўйича расмий сертификат беради. Суҳбат давомида ҳар икки Марказ ўртасида ҳамкорликни янада чуқур йўлга қўйиш, спорт тиббиётидаги энг сўнгги ютуқлардан кенг фойдаланиш бўйича фикрлар алмашилди.