Ру En O'z
6 Апрель 2022 1907

Олимпия ўйинлари қайта дунёга келганига 126 йил бўлди

Бугун тарихий сана. 1896 йил 6 апрель куни замонавий Олимпия ўйинлари старт олган. Бундан 126 йил аввал Греция пойтахти Афина шаҳрида биринчи Олимпия ўйинлари бошланган эди.

Айнан мана шу тарихий воқеа сабаб ушбу сана Тараққиёт ва тинчлик йўлида Халқаро спорт куни деб эътироф этилган. Замонавий Олимпия ўйинлари асосчиси барон Пьер де Кубертеннинг спортга берган таърифлари орасида ҳам “О спорт, сен тинчликсан” деган жумласи ҳали ҳамон ўз тасдиғини топиб келмоқда. Ҳақиқатда спорт бутун дунёга тинчлик нафасини берувчи кучдир. Ҳатто Юнонистонда қадимги Олимпия ўйинлари вақтида урушлар тўхтатилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам учратганмиз.

2013 йилнинг 23 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясида бир овоздан 6 апрель санасини Тараққиёт ва тинчлик йўлида Халқаро Спорт куни (International Day of Sport for Development and Peace) сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.

Ушбу сана гарчи кўпчиликка маълум бўлмаса-да, спорт ҳамжамияти учун катта аҳамиятга эга. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда спортни янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш ва Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини тарғиб қилиш йўлида машаққатли фаолият олиб бораётган соҳанинг барча жонкуярларини бугунги байрам билан табриклаб қолади.

Text to speech