Ру En O'z
5 Апрель 2022 1603

Содиқ Сафоев регби оммавийлигини янада ошириш бўйича йиғилиш ўтказди

Олий Мажлис Сенати биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4500-сонли Қарорининг ижроси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиснинг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раиси С.Сафоев олиб борди, дея хабар бермоқда федерация матбуот хизмати. Йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Марказий ҳарбий спорт клуби, Республика товар-хом ашё биржаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, талабалар спорти ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий университети, Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби каби ташкилотларнинг масъуллари иштирок этишди.

Мазкур йиғилишда мамлакатимизда регбини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Президент Қарорининг ижроси, Францияда регби-7 бўйича ўтказилиши режалаштирилган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар миллий терма жамоаларининг иштирокини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда регби спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш учун зарур бўлган қўшимча чора-тадбирлар бўйича таклиф ва қўшимчалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида Президент Қарорининг ҳар бир банди бўйича алоҳида таҳлилий маълумот, ҳарбийлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш режаси, миллий терма жамоа спортчилари учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар ўртасида регби спорт турини янада оммалаштириш бўйича масъулларга вазифалар белгиланди.

Text to speech