Ру En O'z
5 Апрель 2022 2233

Спорт генетикасидан кенг фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди

Шиддат билан ривожланиб бораётган спорт соҳаси қаторида унинг атрофидаги йўналишлар ҳам тараққий этмоқда. Жумладан генетика бугунги кунда қудратли спорт мамлакатлари амалиётга жорий этган асосий йўналишлардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур соҳани ривожлантириш, терма жамоамиз вакилларининг генетикасини ўрганиш мавзусида йиғилиш ўтказилди. Унда МОҚ қошидаги Республикаси спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутасаддилари, соҳа шифокорлари генетиканинг замонавий ютуқлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва Вазир маслаҳатчиси Аваз Каримов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов, Шерзод Ташматов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев иштирок этишди.

Йиғилиш аввалида “Geno Texnologiya” молекульяр генетика лабораторияси раҳбари Жамолиддин Ҳўжааҳмедов соҳанинг аҳамияти ва сўнгги ютуқлар ҳақида тақдимот қилди.

“Замонавий лабораториямиз орқали болаларда қайси спортга мойиллик борлигини кўрсатиб бера оламиз. Айрим ҳолларда ота-оналар фарзандини кураш спортига бермоқчи бўлиб келишади. Бироқ текширувларимиз бунинг аксини кўрсатгач, ота-оналар буни қабул қилгиси келмайдиган вазиятлар учраб туради. Чуқур текширувлар болани юрак қон-томир тизими ва бошқа йўналишлари бўйича ўрганиб, хулоса тақдим қилади. Лабораториямиз 24 та ген текширувини ўтказганидан сўнг боланинг ҳафтада нечи кун, нечи маҳалдан машғулот қилиши ва унинг давомийлиги, овқатланиш тизими қандай бўлиши бўйича ҳам маълумот олиш мумкин", – деди мутахассис.

Мутахассис тақдимот давомида терма жамоаларимиздаги атлетларни ҳам текширувдан ўтказиш имконияти борлиги, шунда уларнинг машғулотларда қанча юклама олиши ва умумий потенциалини билиб олиш мумкинлиги ҳақида гапирди. Йиғилиш якунида мутасаддилар тақдимот юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Text to speech