Ру En O'z
5 Апрель 2022 1782

Александр Ким, Музаффар Тўрабоев ва Достон Ёқубовни табриклаймиз!

Бугун ўзбек спорти ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган 3 нафар вакилимиз – таэквондо бўйича терма жамоа мураббийи Александр Ким, оғир атлетикачи Достон Ёқубов ва дзюдочимиз Музаффар Тўрабоев таваллуд айёмини нишонлашмоқда.

Александр Ким 1965 йил 5 апрель куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ушбу мутахассис кўп йиллар таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб келган. Айнан унинг қўл остида 2015 йил жаҳон чемпионатларидаги энг юқори натижамизга эришганмиз (1 та олтин, 2 та кумуш). Александр Ким "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвонини қўлга киритган ва “Йилнинг энг яхши мураббийи” (2015 йил) сифатида тан олинган.

Музаффар Тўрабоев 2000 йил айнан шу куни Сурхондарё вилоятида дунёга келган. 2020 йил ёшлар ва катталар ўртасида мамлакат чемпионлигини қўлга киритган дзюдочимиз сўнгги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Айниқса, март ойида Тошкент ва Тбилиси шаҳарларида ўтган “Катта дубулға” турнирларида бронза медалларини қўлга киритиб, асосий жамоа ортидан муносиб ёшлар ўсиб келаётганини кўрсатиб берди.

Достон Ёқубов 1995 йил 5 апрель куни Тошкент вилоятида туғилган. Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси. 2017 йил Анахайм (АҚШ) шаҳрида ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати кумуш медаль совриндори. 2021 йил Тошкентда ўтган дунё биринчилигида эса олтин медални қўлга киритган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бугун таваллуд кунларини нишонлаётган барча вакилларимизни табриклаб, уларга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик тилаб қолади.

Text to speech