Ўзбекистон ва Италия ўртасида от спорти бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорт федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ҳамда Италия от спорти федерацияси раҳбари Марко ди Паоло ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Ушбу келишувда ҳамкорлик халқаро даражада олиб борилиши кўрсатилган. Онлайн ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отабек Акбаров ҳам қатнашди.
Тадбир доирасида Италия томони Баҳромжон Газиев бошчилигидаги делегациямизни жорий йилнинг 25-29 май кунлари Сиена шаҳрида ўтадиган халқаро мусобақа ҳамда 15-25 сентябрь саналарида учкураш ва драйвинг бўйича ўтадиган жаҳон чемпионатига таклиф этди. Ўз навбатида мамлакатимиз томони ҳам апрель ойида Тошкентда ўтадиган конкур бўйича халқаро мусобақада Марко ди Паолони фахрий меҳмон сифатида кўришдан мамнун эканини билдирди.
Ҳамкорлик келишувига кўра, ўзбекистонлик чавандозлар Италиядаги энг яхши базалардан бири “Pratoni Eventing – Ranieri” от спорти клуби ва ушбу давлат ҳудудида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, мусобақаларда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, томонлар йирик от заводлари фаолиятида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича келувга эришдилар.