Келдиёрова чемпионликни ҳимоя қилади, Нуриллаев эса бронза медали учун курашади
Анталья шаҳрида ўтаётган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирининг биринчи кунида саралаш баҳслари якунланди. Қувонарлиси, кечки дастурда Келдиёрова финалда, Нуриллаев эса бронза медали учун курашиш босқичида татамига чиқади.
Кун Келидёрова учун омадли ўтмоқда. Ҳамюртимиз, айниқса, ярим финалда Рио-2016 финалчиси, Токио-2020 совриндори италиялик Одетта Жуфридага қарши чиройли баҳс ўтказди. Беллашув ўрталарида вазари баҳосини ишлаган самарқандлик дзюдочимиз баҳснинг қолган қисмида устунликни сақлаб қола олди ва кетма-кет иккинчи бор Анталья “Катта дубулға” турнирида финал йўлланмасини қўлга киритмоқда. Эслатиб ўтамиз, Келидёрова ўтган йили ушбу мусобақада олтин медални қўлга киритиб, “Катта дубулға” турнирларида ғалаба қозонган илк дзюдочи қизимиз сифатида тарихга кирган эди.
-66 кг вазн тоифасида Сардор Нуриллаев ҳам яхши кураш олиб борди. Вакилимиз ярим финалда жаҳон рейтинги етакчиси молдовалик Денис Виеруга қўшимча дақиқаларда имкониятни бой бериб қўйди. Энди у бронза медали учун мўғулистонлик рақибига қарши беллашади. Вакилларимизнинг кечки дастурдаги рақиблари:
Финал:
-52 кг: Диёра Келдиёрова – Река Пупп (Венгрия)
Бронза медали учун:
-66 кг: Сардор Нуриллаев – Басху Ёндонперенлеи (Мўғулистон)