Осиё чемпионати қаҳрамонлари "Бунёдкор" стадионида қарши олинди
Хабарингиз бор, 24-29 март кунлари Тожикистон пойтахти велоспортнинг шоссе йўналишидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Унда муваффақиятли иштирок этган спортчиларимиз бугун пойтахтимизда муносиб кутиб олинди.
Велоспортчиларимизни қутлаш бошқа спорт турларига қараганда ўзгача ўтди. Мутасаддилар мусобақа қаҳрамонларини "Бунёдкор" стадионида қарши олишди. Маросимда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Козим Ўринбойхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш ҳамда Мудофаа вазирлиги ходимлари, спортчиларимизнинг яқинлари иштирок этишди.
Қитъамизнинг 23 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар билан кечган рақобатда ҳамюртларимиз 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашган эди. Қайд этиш жоиз, бу жамоамизнинг Осиё чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижаси бўлди.
Маросимда мутасаддилар спортчиларимизни ушбу улкан муваффақият билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда, жумладан жорий йил Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинларида ҳам чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишларини тилашди.