Ру En O'z
31 Март 2022 1366

Дзюдочиларимизга қуръа қандай келди?

Бугун Анталья “Катта дубулға” турнирига қуръа ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу мақоламиз орқали қуръа натижаларига озроқ шарҳ бериб ўтмоқчимиз.

Кутилганидек, баъзи вакилларимиз дастлабки баҳсдан ноқулай рақибларга рўбарў келишди. Жумладан, Дилшодбек Баратов мезбонларнинг енгил вазн тоифасидаги етакчи спортчисига, Шаҳрам Аҳадов аввал ўзи каби -66 кг вазн тоифасида курашиб, жаҳон чемпионатининг кумуш, “Мастерс”нинг олтин медалини қўлга киритган италиялик Мануэль Ломбардога, катта танаффусдан кейин мусобақаларга қайтган Мусо Собиров Токио-2020 совриндори Шамил Борчашвилига, ёш спортчимиз Шоҳиста Назарова эса жаҳон чемпионати совриндори франциялик Маруа Пинога қарши татамига чиқадиган бўлди.

Яна бир эътиборли баҳс Гулноза Матниязова – Бернадетта Граф (Австрия) жуфтлиги. Маълумки, жамоамизда узоқ вақт Австрия терма жамоасини бошқарган Марко Шпитка иш бошлади. Шпитка Матниязова ҳамда Собировни австриялик рақибларга қарши қандай тайёрлай олишини 2 апрель куни ўтадиган беллашувларда кузатамиз.

-100 кг вазн тоифасидаги Музаффарбек Тўрабоев ва Эшли Гонсалес (Молдова) баҳси ҳам алоҳида аҳамиятли. Бу жуфтликка юқори техника ва улкан жисмоний куч эгалари тўқнашуви сифатида қараш мумкин. Асли келиб чиқиши кубалик бўлган Гонсалес фаолияти давомида 2013 йил жаҳон чемпионатида олтин, Лондон-2012 Олимпиадасида кумуш медалларни қўлга киритган. Гарчи ҳозир у аввалгидек спорт формасида бўлмаса ҳам, йиллар давомида тўпланган улкан тажрибаси бор.

Рақиб ким бўлишидан қатъи назар бўлажак баҳсларда ҳамюртларимизга омад тилаймиз. Мусобақа эртага енгил вазн тоифасидаги иштирокчилар баҳси билан бошланади.

Text to speech