Ру En O'z
31 Март 2022 3168

Юртимизда илк бор Атлетлар комиссияси тузилди

Ўзбек спорти тарихида яна бир муҳим воқелик. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Атлетлар комиссияси ташкил этилиб, унинг таркиби шакллантирилди. Мазкур тадбирда иштирок этиш учун мамлакатимизнинг кўзга кўринган спортчилари Қўмита мажлислар залида жам бўлишди.

Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Тадбирда Ойбек Омилович сўз олиб, ушбу комиссияни очишдан кўзланган мақсад спортчиларимизнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз овозига эга бўлишларини таъминлаш ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишидан иборат эканлигига алоҳида урғу берди.

“Комиссия фаолиятини сифатли ва самарали йўлга қўйиш учун бизни жуда кўп масъулиятли ишлар кутмоқда. Ушбу қарор Олимпия ҳаракати доирасида бир қатор муҳим йўналиш ва лойиҳаларни амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Олимпия ҳаракатининг ҳар бир қарорида спортчиларнинг фикр ва манфаатларини ифодалаш учун Комиссия вакилининг позицияси ўз аҳамиятига эга. Биз ўзаро бирлашиб, мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтишга, кўзланган мақсадларга эришишимизга ишонамиз”, - деди О.Касимов.

МОҚ Халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси Наргиза Халмирзаева эса Комиссия фаолияти, номзодлар ҳамда улар орасидан аъзоларни саралаб олиш тартиби ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг, Комиссия аъзолигига овоз бериш тартиби ҳақида тушунтириш берилди ва барчанинг гувоҳлигида жараён амалга оширилди.

Атлетлар комиссияси аъзолари Халқаро Олимпия қўмитаси талаблари асосида тегишли спорт федерациялари томонидан тавсия этилган 12 нафар спортчи орасидан овоз бериш йўли билан саралаб олинди. Регламент бўйича комиссия 5 ёки 7 нафар спортчидан ташкил топиши лозим. Бунда гендер тенглик таъминланиши, спортчиларнинг сўнгги уч Олимпия ўйинларидан бирида иштирок этган бўлиши, қолаверса, таркибда ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларида қатнашган номзодлар бўлиши талаб этилади. Аноним тарзда ўтган сайлаш жараёни якунида қуйидаги спортчилар Атлетлар комиссияси таркибига аъзо бўлишди: Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Ришод Собиров (дзюдо), Дмитрий Шокин (таэквондо), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик), Светлана Радзивил (енгил атлетика) ва Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси).

Таркиб аниқлаб олингач Комиссия аъзолари дастлабки йиғилишни ўтказиб, ўзаро келишган ҳолда Комиссияга раҳбар ва ўринбосарлар таркибини шакллантириб олишди. Унга кўра, Дмитрий Шокин Атлетлар комиссияси раиси, Оксана Чусовитина ҳамда Бекзод Абдураҳмонов унинг ўринбосарлари бўлдилар.

Атлетлар комиссияси аъзолари МОҚ Бош ассамблеяси ва Ижроия қўмитаси таркибига кириб, муҳим жараёнларда ўз фикрларини билдириш, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу борада Зайнаб Дайибековани МОҚ Ижроия қўмитасига, Светлана Радзивил ҳамда Комилжон Тўхтаев номзодларини эса Бош Ассамблеяга кўрсатиш бўйича тақдимнома Қўмита раҳбариятига киритилди.

Қайд этиш жоиз, Атлетлар комиссияси спортчиларимизнинг халқаро майдондаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида мамлакатимизда Олимпизм ҳаракатини янада тарғиб қилиш йўлида фаолият олиб боради.

Text to speech