Ру En O'z
30 Март 2022 1732

Велоспортчиларимиз Осиё чемпионатларидаги энг яхши натижаларини қайд этишди

24-29 март кунлари Тожикистон пойтахтида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича қитъа биринчилиги ўз якунига етди. Унда қатнашган жамоамиз ўз тарихидаги энг яхши натижани кўрсатди.

Мусобақанинг илк кунидаёқ аёллар ўртасидаги жамоавий пойга дастурида олтин медални қўлга киритган делегациямиз турнир давомида жами 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини жамғарди. Қайд этиш жоиз, жамоамиз Осиё чемпионатлари тарихида бу каби муваффақиятли иштирок этмаган эди. Бундай натижа, шубҳасиз, давлатимизнинг барча спорт турлари қатори велоспорт ривожига кўрсатаётган улкан эътибори орқали қўлга киритилмоқда. Айниқса, ташкил этилган профессионал клублар ва уларнинг хорижий мамлакатларда йиғин ўтказгани ушбу қитъа чемпионатида спортчиларимизнинг юқори натижа қайд этиши йўлида муҳим аҳамият касб этди.

Қуйида Осиё чемпионати қаҳрамонлари ва улар шоҳсупага кўтарилган йўналишларни эслаб ўтамиз:

Олтин медаль:
1. Аёллар ўртасида жамоавий пойга (Янина Кускова, Маргарита Мисюрина, Шаҳноза Абдуллаева, Анна Куликова)
2. Анна Кускова, U-20 тоифасидаги индивидуал пойга
3. Янина Кускова, U-23 тоифасидаги индивидуал пойга
4. София Каримова, U-20 тоифасида гуруҳ пойгаси
5. Самандар Султонов, U-20 тоифасида гуруҳ пойгаси

Кумуш медаль:
1. Алексей Фомовский, U-23 тоифасида индивидуал пойга

Бронза медаль:
1. Муроджон Холмуродов, катталар ўртасида индивидуал пойга
2. Янина Кускова, U-23 тоифасида гуруҳ пойгаси

Бу йилги Осиё чемпионатида қитъамизнинг 23 та давлати иштирок этди. Терма жамоамиз ушбу натижа билан умумжамоа ҳисобида Қозоғистондан сўнг иккинчи ўринни қўлга киритди. Энди велоспортчиларимиз июнь ойида Ҳиндистонда ўтадиган трек бўйича Осиё чемпионатига ҳозирлик кўради.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон велоспорт федерацияси, терма жамоамиз спортчи ва мураббийларини Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирок билан муборакбод этади.

Text to speech