Ру En O'z
29 Март 2022 1638

Баскетбол фахрийси Александр Адисман 85 ёшда

Ўзбек баскетболи ривожи йўлида узоқ вақт самарали меҳнат қилган спортимиз фахрийси Александр Адисман қутлуғ 85 ёшлик таваллуд айёмини қарши олди.

Александр Адисман 1937 йил 28 март куни Тошкентда туғилган. 1962 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Александр Иосифович шогирдлари билан бир қатор ютуқларга эришди. Жумладан, 1968 йил Харьковда ёшлар ўртасида ўтган Бутуниттифоқ чемпионатида, 1981-1982 йиллар Тошкентнинг “Университет” жамоаси билан СССР халқлари Спартакиадаси ва бошқа бир қатор турнирларда у кишининг жамоаси муваффақият қозонган.

Фаолияти давомида Собиқ Иттифоқ жамоаси таркибида жаҳон чемпионати ва Олимпиада совриндорлари сифатида танилган кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Спортдаги узоқ йиллик хизматлари учун давлатимиз томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов таваллуд айёмини нишонлаётган Александр Адисманнинг хонадонига ташриф буюриб, у кишини спорт жамоатчилиги ва фахрийлар кенгаши номидан табриклади ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам Александр Иосифовични табаррук ёши билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр тилаб қолади.

Text to speech