Улуғбек Рашитовни табриклаймиз!
Бугун таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Улуғбек Рашитов 2002 йил 23 март куни Тошкентда туғилган. Ёш спортчимиз 2018 йил Тунисда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза, ўша йил Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган ўсмирлар Олимпия ўйинларида кумуш медалига сазовор бўлган. 2019 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медаль қўлга киритиш баробарида мусобақанинг энг яхши спортчиси ҳам бўлган эди. Кейинчалик Уханда ўтган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳибига айланди. Шундан сўнг яна бир қатор мусобақаларда ўзининг юксак маҳоратини кўрсатди. Айниқса, Токио-2020 Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлиши ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Айнан у ўзбек таэквондочилари орасида Олимп шоҳсупасига кўтарилган биринчи атлетдир. Кўрсатган хизматлари эвазига Президентимиз томонидан ўтган йили “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Улуғбек Рашитовни таваллуд айёми билан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан ғалабалар тилаб қолади.