Хорижий компанияларининг тақдимоти, замонавий инфратузилма ёхуд “Тошкент-2025” объектларининг қурилиши муҳокама қилинди
Маълумки, 2025 йил пойтахтимизда қитъамиз спортининг энг муҳим воқелиги – Ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари 2020 йил декабрь ойида “Ёшлар форуми” ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида пойтахтимизнинг 2025 йил ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиб, тегишли ташкилотларга мазкур мусобақани юқори савияда ўтказиш ва унга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берган эдилар. Бугун ушбу топшириқлар ижросининг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш каби масалаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этишди.
Осиё ўйинлари учун Қибрай туманида 20 га яқин спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга бўлган, янги Олимпия шаҳарчасини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу борада тумандаги “Янги Ўзбекистон” кўчасида жойлашган 100 гектар ер майдонида замонавий Олимпия шаҳарчаси ва спорт объектлари қурилишини лойиҳалаш бўйича Буюк Британиянинг “ARUP” компанияси вакиллари ўз тақдимотларини намойиш қилишди.
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида “ARUP” компанияси мутахассислари томонидан тақдим этилган лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, қурилиш 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Универсал сув ҳавзаси, велотрек мажмуаси, бадминтон саройи, жамоавий спорт турларига ихтисослашган комплекс, енгил атлетика стадиони, универсал ёпиқ иншоот, эшкак эшиш канали барпо этилса, иккинчи босқичда ётоқхона, ёпиқ енгил атлетика биноси, яккакураш спорт турлари учун арена, очиқ чим устида хоккей майдони қурилиши режалаштирилмоқда. Умумий ҳисобда “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари дастурига 30 та спорт тури киритилиши кўзда тутилган.
Йиғилиш давомида жорий йил Хитойнинг Шантоу шаҳрида ўтадиган III ёшлар Осиё ўйинларига мамлакатимиз делегацияси билан бирга тажриба орттириш мақсадида “Тошкент-2025” ташкилий қўмитаси аъзоларини ҳам юбориш, ёш спортчиларни ҳозирдан пухта тайёрлаш мақсадида етакчи мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, тез фурсатда мусобақа Дирекциясининг фаолиятини йўлга қўйиш, лойиҳаларнинг смета-ҳужжатларини тасдиқлаш, спорт объектларининг қурилиш ишларини бошлаш масалалар бўйича ҳам фикрлар алмашилди.