МОҚ ва “Sport” телерадиоканали ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
“Sport” телерадиоканали юртимизда оммавий спорт ва Олимпизм ғоялари тарғиботида Миллий Олимпия қўмитасининг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бугун ушбу ҳамкорлик расмийлаштирилиб, янги режалар муҳокама қилинди.
Қўмитанинг кичик мажлислар залида ўтган тадбирда МОҚ ҳамда “Sport” телерадиоканали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Зоҳид Каримов бошчилигидаги “Sport” телерадиоканали ходимлари иштирок этишди. Даставвал ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ва янги режалар муҳокама қилинди.
“Йиллар давомидаги энг яқин ахборот ҳамкорларимиздан бири билан алоқаларимизни расмий кўринишга келтириш биз учун ҳам ёқимли. телерадиоканал мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт, Олимпизм ғояларини тарғиб қилишда доимо бизга камарбаста бўлиб келган. “Sport” телерадиоканалининг тажрибали мухбирлари ўз ишининг устаси эканини биламиз. Пировард мақсадимиз эса ҳурматли Президентимиз илгари сураётган оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини ёшлар орасида тарғиб қилишдан иборатдир. Имзоланадиган ушбу ҳужжат алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади деган умиддамиз”, – деди О.Касимов.
Шундан сўнг ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, томонлар юртимиз аҳолиси орасида Олимпизмнинг пок ва эзгу қадриятлари, атлетларимизнинг йирик комплекс мусобақаларига олиб бораётган тайёргарлиги ва уларда эришаётган муваффақиятларини халқимизга етказиб беришда биргаликда фаолият олиб боради.
Ўз навбатида Зоҳид Каримов ҳам имзоланган меморандум телерадиоканалнинг эфир дастурларида ўзбек спортига оид сифатли кўрсатув ва материалларнинг кўпайиши, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва жисмоний тарбия ва спорт тарғиботида муҳим эканини таъкидлади.
Ўзаро келишувга кўра, МОҚ йирик комплекс мусобақаларга телерадиоканал ижодий ва техник жамоасини аккредетациядан ўтказиш ва бошқа жараёнларда ёрдам беради.
Шунингдек, меморандум болалар спортини ривожлантириш, Олимпия ҳаракати ва Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини кенг оммалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда хизмат қилади.
Ҳамкорлик қамрови кенг бўлиб, ҳар икки ташкилот ягона мақсад йўлида биргаликда фаолият олиб бориши келишиб олинди.