Ру En O'z
16 Март 2022 1412

Ўмон Миллий Олимпия қўмитаси ўзбек спорти ютуқларини эътироф этди

Ўзбекистоннинг Ўмон султонлигидаги элчихонаси ходимлари Ўмон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шайх Холид бин Муҳаммад аль-Зубаир билан учрашишди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, спорт делегацияларининг ўзаро сафарлари доирасини кенгайтириш, ҳамкорликда қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шайх Холид бин Муҳаммад аль-Зубаир Ўзбекистон жаҳон ва Осиё қитъасидаги етакчи спорт мамлакатларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. «Ўзбекистон халқаро спорт рейтингида ўзига хос мавқега эга. Шу нуқтаи назардан, Ўмон Ўзбекистон билан спорт соҳасида ҳамкорлик кўламини янада фаоллаштиришдан манфаатдордир», деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Ўмон султонлиги МОҚлари ўртасида 2021 йилнинг 26 март куни ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, у бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Эндиликда ушбу алоқаларни ривожлантириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли спорт федерациялари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро келишув меморандуми лойиҳасини тайёрлаш ва имзолаш тўғрисида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Ушбу меморандум спортчи ва ҳакамлар маҳоратини ошириш, тажриба алмашиш, спорт мутахассислари тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ўртасида турли дастурларини амалга ошириш имкониятини беради.

Text to speech