Ру En O'z
16 Март 2022 2181

Ўзбек боксининг ёш юлдузлари ва маҳоратли таэквондочиларимиз тантанали кутиб олинди

Маълум қилганимиздек, баҳор фаслининг илк кунларида ўз ютуқлари билан мухлисларимизга қувонч улашган бокс бўйича ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз, шунингдек, таэквондо бўйича катталар жамоамиз бугун тонг саҳарда Тошкентга қайтиб келишди.

Қаҳрамонларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида муносиб кутиб олинди. Тадбирда Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, Миллий Олимпия қўмитаси, Спорт яккакурашлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон бокс федерацияси ва таэквондо ассоциацияси ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги хизматчилари ҳамда ҳарбий оркестр, спортчиларимизнинг яқинлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Катта таркибдаги жамоаларимизнинг ҳар бири алоҳида тантана билан қарши олинди. Тадбирда мутасаддилар спортчиларимизни қутлашар экан, улар қайд этган натижа ёш авлоднинг спортга бўлган қизиқишини янада орттиришга, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт тарғиботининг ошишида улкан ҳисса қўшишини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, ёш боксчиларимиз 1-14 март кунлари Иорданияда ўтган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муносиб иштирок этишди. Унда рингга кўтарилган 49 нафар боксчимизнинг 46 тасида шоҳсупага кўтарилди. Шубҳасиз, бундай натижа билан улар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладилар. Қолаверса, таэквондочиларимиз 4-14 март кунлари Эронда ўтган 3 та халқаро мусобақада 7 та олтин, 6 та кумуш ва 11 та бронза, жами 24 та медалга сазовор бўлишди.

Text to speech