Бекзод Абдураҳмоновни табриклаймиз!
Бугун эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Токио-2020 совриндори Бекзод Абдураҳмонов таваллуд айёмини нишонламоқда.
Бекзод Абдураҳмонов 1990 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида туғилган. Эркин кураш бўйича 2 карра Осиё ўйинлари ғолиби, кўп карра Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионатлари совриндори. Аҳамиятлиси, ушбу вакилимиз Инчеон (2014) ва Жакартада (2018) ўтган Осиё ўйинларида делегациямизнинг илк олтин медалларига муаллифлик қилган. 2017 йил Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.
Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали учун курашда имкониятни бой бериб қўйган полвонимиз Токио-2020 да худди шу босқичда муваффақият қозониб, делегациямиз ҳисобига бронза медалини тақдим қилди. Кўрсатган натижалари учун давлатимиз томонидан "Шуҳрат" медали ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бекзод Абдураҳмоновни таваллуд куни билан табриклаб, унга узоқ умр ва мустаҳкам саломатлик тилаб қолади.