Ру En O'z
13 Март 2022 1763

Ўзбекистон самбо ассоциацияси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар билан меморандум имзолади

Маълумки, Ўзбекистон самбо ассоциацияси сўнгги пайтларда ҳамкорлик масаласида кўплаб ташкилотлар билан келишувларга эришиб келмоқда. Мана шундай келишувларнинг навбатдагиси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги икки ташкилот билан амалга оширилди.

Ички ишлар тизимидаги ходимларининг аксарият қисми самбо спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келишади. Боиси самбо орган ходимлар учун таянч спорт тури хисобланади. Бу бўйича икки томон узоқ йиллардан бери хамкорлик қилиб келади. Эндиликда мазкур хамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамкорлик масаласида учрашув ўтказди. ИИВ Малака ошириш институти рахбарияти билан суҳбатда томонлар самбони янада ривожлантириш бўйича режалар ҳақида фикр алмашишди. Самбо бўйича терма жамоамиз аъзоларининг аксарияти ушбу институт талабалари ҳисобланишади. Улар учун касбий тайёргарлик бўйича дарслар ҳам олиб борилади. Якунда икки томон ўртасида шу ва бошқа масалаларни ўз ичига олган меморандум имзоланди.

Иккинчи келишув эса Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1-сонли Тошкент академик лицейи билан амалга оширилди. Ушбу лицей спорт залида самбо бўйича машғулотлар ташкил этилади. У ердаги курсантлар учун самбо машғулотлари бўлиб ўтади. Бу эса ўз навбатида лицей курсантларининг жисмоний тайёргарлигини янада оширишга хизмат қилади.

Text to speech