Спортни ривожлантириш вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти федерацияларимиздаги шароитларни ўрганишди
Бугун Республика Олимпия захиралари коллежида ўтган янги гандбол залининг очилиш маросимидан сўнг Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда МОҚ раҳбарияти бир қатор федерация ва ассоциацияларимизга ташриф буюриб, у ерларда олиб борилаётган ишлар билан танишишди. Мутасаддилар дастлаб РОЗКнинг ўзида енгил атлетика манежи, гимнастика зали ва камондан отиш базасидаги шароитларни кўздан кечирдилар. Қайд этиш жоиз, ёпиқ манеж қайта таъмирдан чиққанидан сўнг бугунги кунда спортчиларимиз учун анча қулай шароитга келди. Ҳар қандай мавсумга, об-ҳаво шароитига мос келадиган манеж атлетларимизни яна қабул қилиш учун шай.
Шундан сўнг мутасаддилар Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюришди. Меҳмонларни МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов қарши олди. Ташриф давомида Миллий ва Олимпия терма жамоаларимиз учун тузилган режалар, мамлакатимизда футбол оммавийлигини янада ошириш, селекция ишларини кучайтириш каби масалалар бўйича суҳбат олиб борилди.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Миллий Паралимпия қўмитаси бўлди. МПҚ раиси Мухторхон Ташходжаев мутасаддиларга имконияти чекланган ҳамюртларимизнинг жисмоний салоҳиятларини кўрсатишлари учун яратилаётган шароитлар, Паралимпия ўйинларида қатнашадиган спорт турлари географиясини кенгайтириш йўлида қилинаётган ишлар, жумладан, қишки спорт турларидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Сўнгра мутасаддилар Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси томон йўл олишди. У ерда меҳмонларни МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо ассоциацияси раҳбари Шерзод Ташматов ўз жамоаси билан кутиб олди. Шерзод Рихсибаевич учрашув давомида терма жамоаларимизнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги, режалари билан Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддиларини таништирди.
Умумий олиб айтилганда, Вазирлик ва Қўмита раҳбарларидан ташкил топган ишчи гуруҳ бугунги ташриф давомида федерацияларимизнинг фаолиятини ўрганишдан ташқари ечимини кутаётган масалалар ва муаммоларни ҳам ўрганишди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувларда муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги таклиф ва фикрлар устида фикр алмашилди.