Ру En O'z
12 Март 2022 2157

Гандболчиларимиз учун қўшалоқ байрам

Пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари коллежида замонавий шароитларга эга янги гандбол зали қурилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун ушбу зал тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Залнинг очилиш маросимда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон гандбол федерацияси вакиллари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Таъкидлаганимиздек, зал энг сўнгги қулайликларга эга ва замонавий инвентарлар билан жиҳозланган. Майдонга тўшалган паркетга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли. Хорижда тайёрланган ясама майдон халқаро стандартга жавоб беради. Унда машғулот олиб борадиган спортчиларимизнинг мусобақалардаги майдонларга мослашиши анча осон бўлади.

Тадбир давомида Адҳам Икрамов ва фаолиятининг асосий қисмини РОЗКда ўтказган спорт фахрийси Эркин Гиязов сўзга чиқиб, давлатимизнинг мана шундай эътибори туфайли гандболчиларимиз учун янги давр бошлангани билан ушбу спорт оиласини самимий қутлашди. Маросимнинг очилиш қисмида эстрадамизнинг таниқли вакиллари ўз қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият улашди.

Шундан сўнг гандболчиларимиз янги майдонда ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Ўртоқлик мақомида ўтган очилиш ўйинида РОЗК ва Миллий терма жамоа вакиллари ўзаро баҳс олиб боришди.

Қайд этиш жоиз, ўтган йилнинг 13 август куни Президентимиз Олимпиячиларимизни қабул қилар экан, келгусида жамоавий спорт турларида ҳам атлетларимизнинг Олимпиадаларда қатнашишини таъминлаш бўйича муҳим топшириқ берган эдилар. Бугун "Ipotekabank" акционерлик тижорат банки ҳомийлигида қурилган мазкур зал келажакда гандболчиларимизнинг Янги Ўзбекистон учун янги ғалабаларни тақдим қилиши йўлида хизмат қилади.

Text to speech