Тошкент вилоятида сузиш мураббийлари учун илмий-амалий семинар ўтказилмоқда
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбекистон сузиш федерацияси томонидан мураббий ва спортчилар маҳоратини янада тоблаш мақсадида навбатдаги илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Унда пойтахт вилоятида сузиш бўйича фаолият олиб бораётган мураббийлар ҳамда етакчи спортчилар иштирок этишяпти. Семинар анъанага кўра, Халқаро сузиш федерацияси (FINA)нинг етакчи экспертларидан бири, америкалик Генадиус Соколовас томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида ўтказилмоқда.
“Генадиус Соколовас сузиш бўйича 23 карра Олимпия ўйинлари ғолиби, афсонавий Майкл Фелпснинг устозларидан бири ҳисобланади. Ўз касбининг етук мутахассиси бўлган бу инсон томонидан ишлаб чиқилган дастурга нафақат юртимизда, балки, дунёнинг жуда кўплаб давлатларида қизиқиш юқори. Мутахассислар бу ерда олган билим ва тажрибаларини ўзлари фаолият олиб бораётган жойларда қўллашади. Бу эса мамлакатимизда сузиш спортини янада ривожланиши ва спортчилар маҳоратини оширишга хизмат қилади”, - деди Ўзбекистон сузиш федерациясининг етакчи мутахассиси Шерзод Иноғомов.
Регламентга кўра, куннинг биринчи ярмида назарий билимлар берилаётган бўлса, амалий қисми кечки дастурдан ўрин олган. Семинар бугун якунига етади.