Адҳамжон Эргашев, Дилшодбек Рўзметов ва Рўза Кузиевани табриклаймиз!
Бугун ўзбек спортининг уч нафар ёрқин вакиллари Адҳамжон Эргашев, Дилшодбек Рўзметов ва Рўза Кузиева таваллуд айёмини нишонлашмоқда. Боксчимиз Дилшодбек Рўзметов 1999 йил 12 март куни Хоразм вилоятида, оғир атлетикачимиз Адҳамжон эса айни шу куни Наманган вилоятида туғилган.
Адҳамжон 2014 йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи ўсмирлар Олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлиб, мутахассислар эътиборига тушди. Кейинчалик ёш полвонимиз ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндорига айланди. 2019 йил Таиландда, 2021 йил Тошкентда ўтган дунё биринчилиги бронза медалига эга чиққан. Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчиси. Ватанимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишдаги хизматлари учун 2021 йил давлатимиз раҳбари томонидан "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
Дилшодбек Рўзметов 2019 йил бўлиб ўтган Осиё ва жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби, кўплаб халқаро турнирлар ғолибига айланди. Токио-2020 Олимпия ўйинларида -81 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган. Кўрсатган натижалари эвазига муҳтарам Президентимиз иқтидорли боксчимизни “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлади.
Рўза Кузиева 1994 йил 12 март санасида таваллуд топган. Пара-пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида мусобақа рекордини ўрнатиб олтин медалга сазовор бўлган. 2019 йил ўтказилган жаҳон чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритди. Токио-2020 Паралипия ўйинларида делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим қилган. Ушбу натижаси эвазига Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар уч спортчимизни бугунги айём билан табриклаб, уларга улкан ғалаба ва муваффақиятлар тилаб қолади.