Ру En O'z
11 Март 2022 1702

Федерацияларни молиялаштиришдаги “UzASBO” тизимида учраётган масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-5281 сонли Қарорида янги Олимпиада цикли давомида терма жамоаларимиз учун сарфланаётган маблағларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида федерация ва ассоциацияларни молиялаштиришда янгича тизимдан фойдаланиш таъкидланган эди. Ҳозирги кунда мазкур жараён Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “UzASBO” тизимида амалга оширилмоқда. Қайд этиш жоиз, федерация ва ассоциациялар учун янги ҳисобланган мазкур тизимда етарлича муаммолар ҳам учраб турибди. Бугун МОҚда мазкур масалаларни бартараф этишга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Мурод Исмоилов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Молия вазирлиги мутасаддилари, федерация ва ассоциацияларнинг бош бухгалтерлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Ойбек Касимов кун тартибидаги масалалар ҳақида гапириб ўтди.

“Давлатимиз томонидан спорт соҳасини молиялаштиришда шаффофликни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур тизим биз олиб бораётган ишлар халқимизга очиқ-ойдин кўрсатилиши йўлида муҳим. Янги тизим билан ишлаш бўйича федерацияларимиз бухгалтерларига семинар ва ўқув дарслари ўтказдик. Бироқ иш жараёнида бошқа вазиятлар ҳам учраб турибди. Бугун унда учраётган техник масалалар ва муаммоларни биргаликда ўрганамиз, муҳокама қиламиз ва уларга ечим топишга ҳаракат қиламиз”, – деди МОҚ Бош котиби.

Шундан сўнг иш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида федерация бухгалтерларининг фикрлари тингланди. Унда бир қатор бухгалтерлар федерацияларни молиялаштириш тизимидаги ноқулайликлар, камчиликлар ҳақида тўхталишди. Уларнинг сўзларига кўра, техник узилишлар ва буйруқни тасдиқлашда тизимнинг узоқ вақт сарфлаётгани иш жараёнига салбий таъсир ўтказмоқда.

Бунга жавобан Молия вазирлиги масъуллари “UzASBO” тизимини янада такомиллаштириш, унинг техник имкониятларини кучайтириш учун дастурчиларга қўшимча топшириқ берилишини, яқин кунлар ичида бундай вазият бартараф этилишини таъкидлашди.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, спорт соҳасида бошқа йўналишларда учрамайдиган турли вазиятларга дуч келинмоқда. Йиғилиш давомида ана шундай ҳолатларда муқобил ечим топиш учун тизим дастурчилари ва федерация бухгалтерлари иштирокида яна бир учрашув ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Text to speech