Ру En O'z
10 Март 2022 1743

Сув полоси бўйича аёллар жамоамиз Россияда йиғин бошлади

Сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказади. Таъкидлаш жоиз, ушбу йиғин 9-20 март кунлари Россиянинг Руза шаҳрида ташкил этилади.

Бу галги йиғинга ҳам мамлакатимизнинг бугунги кундаги етакчи сув полочи қизлари жалб этилди. Мазкур ўқув-машғулот йиғини орқали спортчиларни бўлажак нуфузли мусобақаларга муносиб тайёрлаш вазифаси белгиланган. Асосий мақсад эса шу йили Ханчжоу шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган XIX Осиё ўйинларига терма жамоани ҳар томонлама пухта тайёрлашдан иборатдир, дея хабар бермоқда Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот хизмати.

«Олдинда бизни кўплаб масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Шу боис тайёргарликка зўр беряпмиз. Ниятимиз ўзимиз иштирок этадиган барча мусобақаларда имкон қадар юқори натижага эришиш. Бу галги йиғинда биз спортчиларнинг жисмоний, руҳий ва функционал ҳолатларини яна бир бор синовдан ўтказамиз. Фурсатдан фойдаланиб бизга зарур барча шароитларни яратиб бераётган Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат сузиш федерациясига жамоамиз номидан миннатдорлик билдирмоқчиман», - дейди аёллар терма жамоамиз бош мураббийи Акбар Содиқов.

Руза шаҳридаги сув спорти турлари саройида ташкил этилган ушбу йиғинни ҳамюртларимиз Москва вилоятининг «Штурм-2002» жамоаси билан ҳамкорликда ўтказадилар.

Маълумки, «Штурм-2002» жамоаси Россиянинг номдор клубларидан бири ҳисобланади ва ушбу жамоа билан ўтказиладиган йиғин терма жамоамиз аъзоларининг маҳоратларини янада ошириш йўлида хизмат қилади.

Text to speech