Ру En O'z
9 Март 2022 1259

Зайнаб Дайибекова: “Осиё чемпионатида ололмаган олтин медалимни жаҳон чемпионатида қўлга киритаман”

Куни кеча пойтахтимизда ўтказилган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ёш спортчиларимиз орасида кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқаётганини кўрсатди. Унда ўзимиз учун янги номлар кашф қилдик. Очиғи, мусобақада кўпчилик жамоамиз етакчиси Зайнаб Дайибековадан олтин медаль кутган эди. Бироқ спортчимиз ярим финалда бошқа бир ҳамюртимиз Гулистан Пердибаевага имкониятни бой бериб қўйди. Жамоавий дастурда эса финалда қозоғистонлик саблячи қизлар устун келишди. Қуйида маҳоратли спортчимиз билан мазкур мусобақа таассуротлари ва тафсилотлари ҳақидаги интервьюни тақдим қиламиз:

– Осиё чемпионатидаги иштирокингиздан кўнглингиз тўлдими?
– Тўғриси, мусобақасидаги иштироким ўзим хоҳлаганимдек бўлмади. Буни яхши қабул қиламан. Чунки Аллоҳ бизга шундай натижани берган.

– Очиғи, Сиздан кўпчилик қўшалоқ олтин кутган эди. Яккалик дастурида Гулистан Пердебаевага қарши кечган баҳс ҳалол рақобатда бўлдими ёки унга чемпионлик учун ёрдам бердингизми?
– Ўзим ҳам ўзимдан олтин медаль кутган эдим. Бу Осиё чемпионатида ўзимни қандайдир ёмон ҳис қилдим. Билмадим, аввал бундай ҳолатга сира тушмаганман. Машғулотларда, олдинги мусобақаларда ёқтириб амалга оширадиган усулларимни ҳам тўла кўрсата олмадим. Яна шундай характерим борки, расмий мусобақаларда яқин дўстларим рўбарў келиб қолса, бор кучим билан туша олмайман. Гулистонни ўзимга жуда яқин дўст деб қабул қилганим учун ғалаба қозона олмадим. Йўлакда ким сенга қарши турса, уни рақиб деб қабул қил, дея ўзимга ўзим айтаман. Бироқ бу гал ҳаммани тўлиқ рақибдек ҳис қила олмадим. Бу мен учун катта сабоқ бўлди.

– Яккалик баҳсларида ярим финалда сизга, финалда жамоамизга нима етишмади деб ўйлайсиз?
– Жамоавий баҳслар бошлангунча шахсий биринчиликда ярим финалдаги мағлубиятимни ҳали тўлиқ тушуниб етмаган эдим. Яна озроқ қўрқув бўлди. Жамоавий баҳсда сўнгги зарбани бериб, бор аламимни ғалаба ҳайқириғи билан чиқариб юборишни истаган эдим. Аммо мураббийимиз Владимир Назлимов мендаги ўзгаришларни пайқаб, охирги жуфтликка жамоадошимни қўйди. Бу ҳақида мураббийимиз олдин ҳам айтар эдилар. Яъни жамоавий баҳсда сўнгги жуфтликка психологик жиҳатдан тайёр спортчи қўйилиши керак. Агар унда менинг иштирокимда мағлуб бўлганимизда бу мен учун психологик томондан ўта оғир бўларди. Бунда Владимир Аливерович вазиятни жуда нозик англай олди. Бунинг учун у кишига раҳмат айтаман.

– Мусобақадан сўнг мураббийлар штаби билан ҳамманинг иштироки муҳокама қилингандир. Улар натижалардан қониқиш ҳосил қилишдими?
– Натижаларимизни тренерларимиз билан муҳокама қилдик, албатта. Йўл қўйган хатоларимиз ва камчиликларимиз ҳақида гапиришди. Лекин улар биздан қониқиш ҳосил қилган ёки қилмаганликларини сездиришмади.

– Энди режалар қандай? Қайси мусобақаларга тайёргарлик кўрасизлар?
– Кейинги стартимиз апрель ойининг бошида БАА мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлади. Ҳозир ушбу мусобақага тайёргарликни бошлаяпмиз. Осиё чемпионатида ололмаган олтин медалимни жаҳон чемпионатида қўлга киритишга, халқимизни, Президентимизни ота-онам ва мураббийларимизнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан. Бунинг учун боримни бераман.

Text to speech