Сувга сакраш. Ҳамюртларимиз Евросиё кубогида совриндор бўлишди
Сувга сакраш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биринчи бор ташкил этилган Евросиё кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди.
Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, 4-6 март кунлари Россиянинг Саранск шаҳрида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада Ватанимиз шарафини тўрт нафар ҳамюртимиз: Ботир Ҳасанов, Марсель Зайнетдинов, Ҳожиакбар Фузайлов ва Егор Мишенев ҳимоя қилишди.
Уч кун давомида ўтказилган мусобақада Ботир Ҳасанов ва Марсель Зайнетдинов дуэти 10 метр баландликдаги трамплиндан сакрашда кумуш медаль совриндори бўлишди.
Терма жамоамизнинг етакчи спортчиларидан бири Марсель Зайнетдинов ўн метр баландликдаги трамплиндан сакраш бўйича яккалик баҳсларида ҳам иштирок этиб, бронза медали соҳибига айланди.
Уч метр баландликдаги трамплиндан синхрон сакраш бўйича ўтказилган мусобақада Ҳожиакбар Фузайлов ҳамда Егор Мишенов жуфтлиги якунда учинчи ўринни банд этди.