МОҚ аёллар жамоасига эҳтиром кўрсатилди
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида 8 март – Халқаро халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда МОҚ ходимлари Қўмитамизда фаолият олиб бораётган мўътабар аёлларни кириб келаётган айём билан қутлашди.
Тадбирда Бош котиб Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва Қўмитамиз ходимлари иштирок этишди. Дастлаб Баҳодир Махситов кириш сўзи билан ҳамкасб аёлларимизни кириб келаётган байрам билан қутлади. Шундан сўнг, Равшан Сайфутдинович ҳам жамоамиз хотин-қизларига ўзининг самимий тилакларини йўллади.
Қайд этиш жоиз, МОҚда фаолият олиб бораётган аёллар учун ишланган видеороликнинг намойиши кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.
Тадбир давомида Ойбек Касимов ҳам байрам эгаларини самимий қутлар экан, шундай деди:
“Ҳамкасбларимизнинг фикрига қўшилган ҳолда мен ҳам яна бир бор Сизларни кириб келаётган айёмингиз билан муборакбод этмоқчиман. Сиз азиз аёлларнинг ҳаётимизда, Қўмитамиз фаолиятида ва муҳими ўзбек спортида тутган ўрнингиз катта. Барчангизга ҳамкасбларимиз номидан сиҳат-саломатлик ва узоқ умр, оилавий тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламиз”, – деди МОҚ Бош котиби.
Тадбир якунида Қўмита ходимлари байрамона руҳда ҳамкасабалари учун тайёрлаган совғаларини улашишди.