Ру En O'z
5 Март 2022 5133

Спортни ривожлантириш вазири федерация ва ассоциацияларимиз мутасаддилари билан очиқ мулоқот қилди

Маълумки, бир неча кун муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилиб, унинг таркибий қисми шакллантирилди. Бугун Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов МОҚ раҳбарияти вакиллари, спорт федерация ва ассоциациялари масъуллари билан учрашиб, олдинда турган режаларни муҳокама қилди. Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди ва спорт соҳасига бегона бўлмаган Адҳам Илҳамовични барчага яна бир бор таништирди. Шундан сўнг Спортни ривожлантириш вазири йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича нутқ қилди.

“Ҳурматли Президентимиз спортимизни янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш йўлида бизга ишонч билдирдилар. Биз Сизлар билан ушбу ишончни оқлашга, бир жамоа бўлиб фаолият олиб боришга бел боғладик. Давлатимиз раҳбари менга берган топшириқларида оммавий спортни ривожлантириш, кучли селекцияни йўлга қўйиш, олий спорт ютуқлари нуфузини ошириш каби муҳим йўналишлар бўйича кўрсатма бердилар. Шубҳасиз, бундай ишларни бажаришда аҳил жамоа бўлишимиз лозим”, – деди Адҳам Икрамов.

Вазир ўз нутқи давомида соҳадаги муаммолар, янги режалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди:

“Бир неча кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона водийсида бўлиб, вазият билан яқиндан танишдим. БЎСМ ва ИБЎСМлар фаолиятида, у ерда ишлаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш тизимида, уларни аттестациядан ўтказишда ўз ечимини кутаётган етарлича масалалар бор. Тренерларимизнинг мотивациясини ошириш, спорт мактабларини инвентарлар билан тўлиқ таъминлаш, оммавий спортни кучайтириш учун кўпроқ мусобақалар ўтказиш масалалари билан ишлайдиган фонд ташкил қилиш режаси бор. Бу масалани Молия вазирлигимизнинг раҳбарияти билан муҳокама қилиб, ижобий ечим топдик”.

Бу йил ўтадиган мусобақалар орасида Хитойда ўтадиган Осиё ўйинлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Адҳам Икрамов йилнинг асосий стартига тайёргарлик кўриш бўйича федерациялар билан алоҳида ишланишини маълум қилди.

“График асосида федерацияларимиз билан батафсил барча масалаларни кўриб чиқамиз. Биз федерацияларимизга “нима берасан?” деган савол беришдан аввал “нима керак?” деб мурожаат қилишимиз лозим. Уларнинг барча муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топганимиздан сўнггина натижа талаб қилишимиз мумкин. Мен федерацияларимиздан бу талаблардан бошқа ҳеч нарса сўрамайман. Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига кўп вақт қолмади. Агар унда кўнгилдагидек иштирок эта олмасак, давлатимизнинг, халқимизнинг бизга бўлган ишончини йўқотамиз. МОҚ раҳбариятидаги мутасаддилар менежерлик йўналишида катта тажрибага эга. Ишонаманки, ўзаро ҳамжиҳатликда олдимизга қўйилган вазифаларни уддалай оламиз”, – деди Спортни ривожлантириш вазири.

Шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳам сўз олиб, фахрийлар номидан Адҳам Илҳамовичнинг янги лавозимидаги ишига омад тилади. Йиғилиш давомида Адҳам Икрамов ҳар бир федерация вакиллари билан танишиб чиқди. Шу билан бирга ЎзДЖТСУ, Олий спорт маҳорат мактаблари, Малака ошириш институти билан ишлаш, терма жамоаларнинг моддий-техник базаси ва оммавий спортни янада кучайтириш масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Якунда янги ҳафтадан бошлаб, ҳар бир федерациялардаги ҳолатни ич-ичидан ўрганиш ишларини бошлашга келишиб олинди.

Text to speech