Ру En O'z
4 Март 2022 4541

Ўзбекистон дзюдо федерацияси олий таълим муассасалари билан чуқур ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2024 йил Париж шаҳри (Франция)да бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ҳамда XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинган эди.

Қарорда спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ва рақамлаштириш, Олимпия ва Паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари бўйича юқори натижадор ва спортчилар захирасини яратиш, лицензиялар сонини сезиларли даражада кўпайтириш, спорт менежментини такомиллаштириш, ҳар бир бўғинни аудитдан ўтказиш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, спорт базалари ва иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий стандартларга жавоб берадиган янги спорт объектларини барпо этиш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш каби бандлар бўлиб, Ўзбекистон дзюдо федерацияси уларни амалиётга татбиқ этишни бошлаб юборди.

Бугун Федерацияда ташкил этилган тадбирда бу борадаги илк қадам ташланди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси яқинда ўзининг қутлуғ 90 йиллигини нишонлаган Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ўзаро кенг қамровдаги ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, ЎзДЖТСУ ректори Маҳмуджон Болтаев, ТДИУ ректори Конгратбай Шарипов, спортимиз фидоийлари, дзюдо фахрийлари, ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда терма жамоа аъзолари ҳозир бўлишди. Томонлар ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, илмий-услубий ва инновацион технологиялар асосида дзюдо спорт турини янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Меморандумга кўра, университетлар ҳудудида дзюдо зали бунёд этилади. Федерация машғулотларни ташкил этиш, малакали мураббийлар билан таъминлаш, машҳур дзюдочиларимиз иштирокида маҳорат сабоқларини ўтказиш, талабалар билан учрашувлар уюштириш каби қатор йўналишларга масъул бўлади. Ўз ўрнида университетлар томонидан халқаро мусобақаларда натижа кўрсатган дзюдочиларимизнинг ушбу олий ўқув даргоҳларида имтиёзли таҳсил олиши таъминланади.

Маълумот учун, турли йилларда юқорида номлари келтирилган университетларда Армен Багдасаров, Андрей Штурбабин, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Фарҳод Тўраев, Камол Муродов, Рамзиддин Саидов, Шарофиддин Лутфуллаев, Ҳикматуллоҳ Тўраев, Шокир Мўминов, Яҳё Имомов, Наврўз Жўрақобилов сингари юртимиз дзюдоси довруғини дунёга танитган спортчилар таҳсил олишган. Бугунги кунда терма жамоа бош мураббийи Илиас Илиадис, Диёра Келдиёрова, Музаффарбек Тўрабоев, Муҳриддин Тиловов каби дзюдочиларимиз спортдаги фаолиятлари билан параллель равишда таҳсилни ҳам давом эттиришяпти.

Ишонамизки, икки томонлама ҳамкорлик юртимиз спорти, хусусан дзюдоси ривожи учун хизмат қилади. Тадбир якунида томонлар ўзаро эсдалик совғаларини алмашишди. Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камиловни Университет ташкил этилганига 90 йил кўкрак нишони билан тақдирлади.

Text to speech