Ёш қиличбозларимиз Осиё чемпионатини 15 та медаль билан якунлашди!
Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди. 8 кун давом этган мусобақани ёшлар ўртасидаги жамоавий дастурлар якунлаб берди.
Аҳамиятлиси, ўсмирларимиз мусобақа доирасида 12 та медаль жамғаришга эришган бўлсалар, ёшларимиз бу кўрсаткични учтага яхшилашга эришишди. Бугунги баҳсларда қайд этилган натижаларга тўхталадиган бўлсак, барча жамоаларни мағлуб этган шпагачи қизларимиз олтин, финалда бироз омад етишмаган рапирачи йигитларимиз кумуш медалга сазовор бўлишди.
Қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги ОЧ.
Қизлар, Шпага:
1. Ўзбекистон
2. Ҳиндистон
3. Қозоғистон
Қизлар, рапира
1. Гонконг
2. Қозоғистон
3. БАА
Йигитлар, рапира:
1. Гонконг
2. Ўзбекистон
3. Ҳиндистон
Якунда 5 та олтин, 3 та кумуш ва 7 та бронза медалларини жамғарган ёшларимиз умумжамоа ҳисобида қитъа биринчилигини иккинчи ўринда якунлашди. Бу борада биринчи ўрин гонконглик қиличбозларга насиб этди. Ҳамюртларимиз қўлга киритган олтин медаллар сони тенг, фақат кумуш медаллар сони бўйича кичик устунлик шарқий Осиё жамоасини пешқадамга айлантирди.
Медаллар жамғариш бўйича кучли учлик:
1. Гонконг – 5-4-4
2. Ўзбекистон – 5-3-7
3. Қозоғистон – 1-3-2
Қайд этиш жоиз, ўсмирлар ва ёшлар жамоаларимиз бу билан Осиё чемпионатларида ўз тарихидаги энг яхши натижаларини қайд этдилар. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бундай ажойиб кўрсаткич билан Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси, спортчи ва мураббийларимизни самимий муборакбод этади.