Бу гал спорт шифокорлари “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланишди
Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши узоқ йиллар спортимиз ривожига ҳисса қўшган фахрийларимизни тақдирлашда давом этади. Бугун МОҚда спорт тиббиёти соҳасида меҳнат қилган ўз касбининг фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбир МОҚ, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ҳамда Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Кириш нутқида Кенгаш раиси Баҳодир Махситов спортчиларимизнинг улкан муваффақиятларга эришишида, уларни энг муҳим стартларга соғ-саломат етказишда меҳнат қилган шифокорларнинг хизматини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг узоқ йиллар терма жамоаларимизда, РСТИАМда, умуман, спорт соҳасида фаолият олиб борган фидойи шифокорларимизга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбирда РСТИАМ мутасаддилари меҳмонларнинг соҳа ривожига қўшган ҳиссалари, фаолиятларидаги ўзига хос машаққат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Ўз навбатида, якунида тақдирланган шифокорларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдириб, ёш шогирдларига ҳали ҳамон ўз билимларини улашишга тайёр эканликларини таъкидладилар.