Хоразмда волейбол бўйича Марказий Осиё давлатлари учун менежерлик курси ўтказилмоқда
Осиё волейбол конфедерациясининг йиллик тақвим режасига кўра, 2-5 март кунлари Хоразм вилоятида менежерлик бўйича халқаро ўқув-семинар ўтказилиши белгиланган. Урганч шаҳрида семинар ўз ишини бошлади.
Халқаро ўқув-семинарига Осиё волейбол конфедерацияси ижрочи директори Шанрит Вонгпрасерт раҳбарлик қилмоқда. Семинарда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги 7 та давлатдан 24 нафар тингловчи қатнашяпти. Жумладан, халқаро ўқув-семинарда Покистон (1 нафар), Бангладеш (1), Мальдив ороллари (1), Қозоғистон (1), Қирғизистон (1), Тожикистон (2) ҳамда Ўзбекистон (17 нафар)дан тингловчилар иштирок этишмоқда, дея маълум қилади Ўзбекистон волейбол федерацияси.
Курс якунида ҳар бир тингловчига махсус сертификат берилади. Бу эса уларга Осиё волейбол конфедерацияси ҳамда CАВА – Марказий Осиё волейбол ассоциацияси шафелигида ўтаётган мусобақаларда расмий шахслар қаторида қатнашиш ҳуқуқини беради.
Семинардан бўш вақтларида меҳмонлар Хоразм вилоятида бўлиб ўтаётган волейбол бўйича аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг 2-тур ўйинлари ҳамда 45 ёшдан ошган фахрийлар ва ҳаваскорлар иштирокидаги Республика турнирини кузатиб боришади. Қолаверса, меҳмонлар кўҳна Хоразмнинг диққатга сазовор жойлари ва бой маданий мероси билан ҳам танишиш имконига эга бўлишади.