Ёш бешкурашчимиз Беларусдаги халқаро мусобақада совриндор бўлди
Беларуснинг Брест шаҳрида замонавий бешкурашнинг иккикураш ва учкураш йўналишлари бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда U-11, U-13, U-15, U-17 ёш тоифаларидаги спортчилар иштирок этишди.
Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун кўплаб давлатлардан ташриф буюрган 120 нафар ёшлар орасида ҳамюртларимиз ҳам ўз омадларини синаб кўришди.
Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда терма жамоамиз вакиллари 10 февралдан бошлаб ушбу мамлакатда халқаро ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турибди. Йиғин доирасида ёшларимиз беларуслик спортчилар билан бирга ўз маҳоратларини ошириш имкониятига эга бўлишмоқда.
Мусобақа якунида ёшларимизнинг натижаси анча ўсганини эътироф этиш ўринли. Айниқса, 15 ёшгача бўлган ўсмирлар тоифасида қатнашган Кира Цой ўз тенгқурлари орасида учинчи ўринни қўлга киритгани мураббийларимизда илиқ таассурот қолдирди. Яна бир ҳамюртимиз Шержон Аҳмедов муросасиз рақобатда тўртинчи натижани қайд этди. Қолган вакилларимиз гарчи совринли ўринларга кира ололмаган бўлсалар ҳам, халқаро мусобақада иштирок этиш орқали ўз маҳоратларини янада оширишга эришдилар.