Ру En O'z
2 Март 2022 2110

Ёдгор Саъдиев ва бир қанча спортимиз фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши фаолияти давомида узоқ йиллар мамлакатимиз спортини ривожлантириш йўлида хизмат қилган фидойиларимизга эҳтиром кўрсатиб келмоқда. Бугун ҳам умрининг катта қисмини спортимизнинг бугунги даражасига чиқишида ўз ҳиссаларини қўшган бир гуруҳ фидойиларимизга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Ушбу тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бир гуруҳ фахрийларимиз иштирок этишди.

Тадбирни Ойбек Касимов очиб берар экан, иштирокчиларга ўзининг илиқ тилакларини билдирди.

“Авваламбор, Сизларни яна бир бор Қўмитамизда кўриб турганимиздан бағоят мамнунмиз. Сизлар бизнинг устозимизсиз. Бир неча йил аввал Сизлар мамлакатимизда бошлаб берган Олимпия ҳаракатини бугун биз давом эттирмоқдамиз. Сизларнинг юртимиз спорти ривожига қўшган ҳиссангиз ҳақида қанча гапирсак ҳам оз. Баҳодир ака бошчилигидаги фахрийлар кенгаши жамоаси сўнгги даврда анча фаол ишламоқда. Биз улар билан ёнма-ён туриб, барча ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз”, – деди Ойбек Касимов.

Сўнг Баҳодир Махситов бугун кўкрак нишони билан тақдирланган фахрийлар фаолияти ҳақида қисқа гапириб ўтди. Шундан кейин турли даврларда ўзбек спорти ривожи йўлида хизмат қилган Саидмухтор Саидқосимов, Ёдгор Саъдиев, Тўлаган Исоқов, Шуҳрат Деҳқонов каби фидойиларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбирда тақдирланган меҳмонлар ва иштирокчилар давлатимиз томонидан бугунги кунда спортга қаратилаётган эътибор, фахрийларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида алоҳида гапириб ўтишди. Ўзлари фаолият олиб борган давр, яқин ўтмишдаги ёрқин хотиралар билан ўртоқлашиб, дилдан суҳбат қуришди.

Text to speech