Ру En O'z
1 Март 2022 1639

Спорт шифокорлари семинарда билимларини оширишмоқда

Ҳозирда спорт тиббиётининг ривожланиши тиббиёт ва спорт йўналишлари кесимида муҳим ўрин эгаллайди. Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан спортни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Ўз ўрнида, атлетларнинг жисмоний ҳолатини юқори даражада ушлаш ва уларнинг муваффақиятга эришишларини таъминлашда тиббиёт ходимларининг ҳам хизмати катта.

МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан спорт тиббиёти ходимлари: шифокор, диетолог, психолог ва фармакологларнинг касбий маҳоратларини мустаҳкамлашлари учун 28 февралдан – 4 мартга қадар ўқув-семинар курслари ташкиллаштирилди.

Семинарнинг биринчи кунида иштирокчиларга спорт ва тикловчи тиббиёт асослари, ҳамда антидопинг назорати ҳақида маърузалар ўқиб эшиттирилди. Маърузалар спорт шифокорлари назарида антидопинг қоидалари; Допингдан фойдаланишнинг салбий томонлари; спорт реабилитациясида физиотерапиянинг қўлланилиши; спортчиларни медикаментоз ва номедикаментоз, ҳамда физиотерапевтик даволаш усулларига бағишланди.

Бугун семинар доирасида спорт диетологиясига бағишланган маърузалар режалаштирилган. Бунда иштирокчиларга спортчиларнинг жисмоний машғулотлари даврида овқат ҳазм қилиш физиологияси, тўғри овқатланиш ва таом рационининг бузилишидаги ҳолатлар мавзусида маърузалар тайёрланган. Шу билан бир қаторда, “Рационал овқатланиш – оғир жисмоний зўриқишга мослашиш ва тикланиш учун кучли восита”, “Спортчиларда қувват мувозанати: қувват сарфини аниқлаш ва меъёрий овқатланишни баҳолаш”, “Қувват, макро ва микроэлементлар, биологик фаол моддаларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ тўлдириш ва организмнинг сув балансини сақлаб туриш билан спортчининг тўғри овқатланишини шакллантириш”, “Машғулот жараёнини ташкил этишнинг муҳим талаблари ҳақида”ги маърузалар ҳам тақдим этилади.

Маърузачилар – юқори малакали илмий унвонлар (тиббиёт фанлари доктори ва номзоди)га эга бўлган мутахассислардир. Ўқув-семинар курслари якунида иштирокчиларга сертификат тақдим этилади.

Text to speech