Ўсмир қиличбозларимизнинг натижаси эртанги порлоқ келажакдан нишона
Хабарингиз бор, айни кунларда Тошкентда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ҳозирга келиб, ўсмирлар тоифасидаги беллашувлар якунланиб, натижалар сарҳисоб қилинди.
Қувонарлиси, унда шижоатли ўғил-қизларимиз 6 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида яккапешқадамлик қилишди. Иккинчи ўрин 4 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза медалини жамғарган Гонконг жамоасига, учинчи ўрин эса 2 та олтин ва 2 та бронза медалларини жамғарган Қозоғистон термасига насиб этди.
Қиличбозлик бўйича U-17 Осиё чемпионати.
Медаллар жамғариш бўйича кучли учлик:
1. Ўзбекистон – 6-4-2
2. Гонконг – 4-1-5
3. Қозоғистон – 2-0-2
Қайд этиш жоиз, бу ёш тоифасидаги қиличбозларимизнинг аксарияти “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари ва Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларига ҳозирдан тайёрлаб борилаётган авлод ҳисобланади. Бугун Осиё чемпионатида қайд этилаётган бундай юксак натижа федерация раҳбарияти ва мураббийлар штаби тизимли ва пухта ишлаб чиқилган истиқболли режа асосида тўғри йўлдан кетаётганидан далолат бермоқда.
Бугундан Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўтаётган мусобақада 20 ёшгача бўлган қиличбозларимиз баҳсларга киришишди. Бўлажак беллашувларда ёшларимизга ҳам ўсмирлар каби муваффақиятли иштирок тилаб қоламиз.