Ру En O'z
24 Февраль 2022 2857

Истанбулдан хушхабар: Уч полвонимиз финалда, яна бири бронза учун курашади

Истанбул шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича рейтинг турнири муросасиз курашлар остида давом этмоқда. Қувонарлиси, кечки дастурда тўрт нафар юнон-рум курашчимиз нуфузли мусобақа медаллари учун гиламга чиқади. 63 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Исломжон Баҳромовдан сўнг Маҳмуд Бахшиллоев (67 кг) ва Рустам Ассакалов (97 кг) ҳам финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Дастлаб Баҳромов ярим финалда қирғизистонлик Дастан Кадировдан 9-1 ҳисобида устун келди. Унинг финалдаги рақиби молдовалик Виктор Чиобану бўлади.

Ассакалов ярим финалда норвегиялик Феликс Балдауфни 7-1 ҳисобида енгди. У олтин медаль учун финляндиялик Арви Мартин Саволайненга қарши гиламга чиқади.

Маҳмуд Бахшиллоев эса ярим финалда туркиялик Фуркан Йилдизни 4-3 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бухоролик полвонимиз финалда норвегиялик Мортен Торесенга қарши баҳс олиб боради.

Учта Олимпиада иштирокчиси Мўминжон Абдуллаев эса кечки дастурда қозоғистонлик Алимжан Сиздиковга қарши бронза медали учун гиламга чиқади. У бироз аввал бронза йўлидаги ўтиш баҳсида финляндиялик Конста Маеинпаини 5-1 ҳисобида енгди.

Text to speech