Ру En O'z
22 Февраль 2022 4406

Ўзбекистон гимнастика федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон гимнастика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раҳбар сайланиши кун тартибидан ўрин олган асосий масала бўлди. Ушбу тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси мутасаддилари, тренерлар ва спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Конференцияда “Ўзавтосаноат” АЖ компанияси бошқарув раҳбари Шавкат Бўронович Умрзоқов номзоди Ўзбекистон гимнастика федерацияси раислигига илгари сурилди ва конференция делегатлари томонидан бир овоздан маъқулланди. Таъкидлаш жоиз, Шавкат Бўронович бошқарувидаги “Ўзавтосаноат” АЖ ушбу федерация учун бегона эмас. "Ўзавтосаноат" узоқ йиллардан бери федерациянинг бош ҳомийси сифатида ушбу спорт турини мамлакатимизда ривожлантиришда улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Сўз ўрнида Ш.Умрзоқов ўзбек гимнастикаси ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор кучини ишга солишини таъкидлади.

“Аввало, менга билдирилган ишонч учун Ўзбекистон гимнастика федерацияси оиласига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу мен учун ҳақиқатда катта масъулият. Ўзбекистон гимнастика федерацияси халқаро майдонда катта шуҳрат қозонган. Бунга спортчиларимизнинг жаҳон миқёсдаги йирик турнирларда эришган муваффақиятлари, Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика иттифоқи томонидан ўтказиладиган семинар ва конференцияларда мунтазам иштирок этишлари мисол бўла олади. Бугунги кунда федерациямиз дунёдаги 162 миллий федерациялар орасида энг яхши 10 тасидан биридир. Бироқ олдимизда ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам турибди. Терма жамоаларга, малакали кадрларга етарлича эътибор берилмагани, молиялаштиришнинг тўлиқ эмаслиги боис бир қатор истиқболли спортчи ва мутахассислар севимли иш жойларини тарк этишди. Ушбу лавозимга номзодимни илгари суришдан аввал ўзбек гимнастикаси тарихини ўрганиб чиқдим. Айтишим мумкинки, ХХ аср давомида қайд этилган улкан ютуқлар мени ҳайратга солди. Ўзбек гимнастикаси эски анъаналарини қайта тиклаши, уни жаҳоннинг етакчи мактабларидан бирига олиб чиқиши керак, деб ўйлайман. Бу каби эзгу мақсадларимизни тезроқ амалга ошириш учун бор куч-ғайратимни ишга солишга ваъда бераман”, – деди федерациянинг янги раиси.

Шунингдек, конференция давомида федерациянинг бир қатор лавозимларига вакиллар тасдиқлаб олинди. Унга кўра, Руслан Булатович Мустаев федерация раисининг биринчи ўринбосари, Гўзал Баҳодировна Филиппова федерация бош котиби, Галина Вячеславовна Исроилбекова директор сифатида фаолиятини давом эттиради. Қолаверса, йўналишлари бўйича мураббийлар штаби ҳам тасдиқлаб олинди.

Тадбир давомида федерация фаолияти билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Федерация бош ҳисобчисининг молиялаштириш ва сарф-харажатлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Шунингдек, федерация аъзолари ва мураббийлар кўтарилган масалалар бўйича ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.

Манба: Ўзбекистон гимнастика федерацияси матбуот хизмати

Text to speech