Ёш замонавий бешкурашчиларимиз учун Минск йиғини доирасида маънавий тадбир ўтказилди
Маълум қилганимиздек, шу кунларда замонавий бешкураш бўйича терма жамоамиз Минск шаҳрида халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда. Йиғин доирасида спортчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Беларусь замонавий бешкураш федерацияси билан ҳамкорликда пойтахт музейлари бўйлаб маданий тадбир уюштирилди.
Ташкил этилган тадбир давомида ҳамюртларимиз Минскдаги тарихий музейда бўлишди. Унда спортчиларимиз музейнинг барча қаватларида бўлиб, иккинчи жаҳон уриши даврига оид экспонатларни томоша қилдилар. Ёшларимиз ўша даврнинг партизанлик ҳаракатида иштирок этган ўзбекистонлик Мамадали Топиволдиевнинг сафдошлари билан Беларусь ўрмонларида кўрсатган жасорати, Собиқ Иттифоқ қаҳрамони унвонини қўлга киритгани ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан тинглашди.
Шубҳасиз, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларимизнинг она ватанга бўлган меҳрининг ортишида, қалбларидаги ватанпарварлик руҳининг янада камол топишида, буюк ўзбек халқига ҳурмат ва садоқат руҳи билан мамлакатимиз шарафини жаҳон майдонларида ҳимоя этишига янада ундайди.