Самбо бўйича мамлакат чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Хабар бериб ўтганимиздек, бугун Тошкент шаҳрида самбо бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди.
Пойтахтимиздаги "Универсал" спорт саройида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Осиё самбо уюшмаси президенти Алам Муллаев, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бошқалар иштирок этишди.
Ойбек Касимов Ўзбекистон чемпионатини расман очиқ деб эълон қилганидан сўнг тантанали очилиш маросимининг бадиий қисми бўлиб ўтди. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг чиқиши мухлисларда ёрқин таассурот қолдирди.
Шундан сўнг мусобақанинг финал беллашувлари бошланди. Якунда ғолиб ва совриндорлар расмийлар томонидан тақдирланишди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 23 февралга қадар давом этади.