Ўзбек футболининг фахри Ахбор ота Имомхўжаев 86 ёшда!
Бугун ўзбек спорти, хусусан, журналистикасида ўз ўрнига эга бўлган инсон Ахбор ота Имомхўжаев 86 ёшни қарши олмоқда.
Ахбор Рустамович Имомхўжаев 1936 йил 19 февраль куни Тошкентда таваллуд топган. Умрини жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига бахшида қилган ушбу инсон замонавий ўзбек спорт журналистикаси ва футбол шарҳловчилиги мактабининг асосчиларидан биридир.
Футбол фахрийси. Бутун умри давомида оммавий спорт тарғиботи билан машғул бўлган. Футбол соҳасида кўплаб китоблар муаллифи. Фаолияти давомида футбол учрашувларида ҳакамлик қилиб, Республика тоифасидаги ҳакам даражасигача етиб борган. 10 йил давомида Ўзбекистоннинг энг яхши ҳакамлари қаторида бўлган. “Пахтакор” футбол клубида жамоа бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида спорт таҳририяти шарҳловчиси, бўлим мудири ва бош муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатган. Унинг қаламига мансуб “Футбол – қувончим, дардим, фахрим”, “Мафтунингман, футбол” ва “Ўзбегимнинг Миржалоли”, ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб “Аср футболидаги асл қадрдонларим” каби китоблари футбол мухлисларида катта қизиқиш билан кутиб олинган ва ҳозиргача севиб мутолаа қилинади. Ахбор ота ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" фахрий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, Турон фанлар академиясининг академиги ва Ўзбекистон журналистларининг “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори ҳисобланади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ахбор ота Имомхўжаевни таваллуд айёми билан самимий табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.