Ўзбекистонда скейт ассоциацияси ташкил этилди
Сўнгги даврда скейт спорт турларининг бутун дунёда ривожланиб бораётгани маълум. Биргина скейтбордингнинг Токио-2020 Олимпиадасидан бошлаб Олимпия ўйинлари дастурига киритилгани унинг жаҳондаги ўрни қанчалик кўтарилганидан далолат бермоқда. Скейтбордчилар яна 2 йилдан сўнг Париж Олимпиадасида ҳам медаллар учун кураш олиб боришади.
Шунингдек, скейт йўналишдаги спорт дастурлари мамлакатимиз ёшлари орасидаги севимли машғулотлардан бири бўлиб келмоқда. Жаҳон ареналарида ушбу спортда ҳам вакилларимиз ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишлари учун имконият яратиш мақсадида Скейт Ўзбекистон ассоциацияси ташкил этилди. Ассоциация Адлия вазирлиги тасдиғидан ўтди ва расман фаолиятини бошлади.
Ассоциациянинг ташкил этилиши скейтборд ва роллер спорт турлари бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашадиган ёшларимизга янги муваффақиятлар эшигининг очилишига хизмат қилади. Бундан ташқари, мамлакатимизда ушбу спорт турларига ихтисослашган замонавий иншоотларни барпо этишга замин яратади.