Ру En O'z
16 Февраль 2022 3187

Рустам Шоабдураҳмонов: “Спортчиларимизга ғолиблик руҳини берайлик”

Ўзбекистон МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов айни кунларда Туркияда ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турган терма жамоамиз вакиллари билан боғланиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. ZOOM платформасида ўтган йиғилишда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Суҳбатда сўнгги йиллар Президентимиз томонидан барча спорт турлари қатори велоспортга ҳам қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, федерация раиси Танзила Нарбаеванинг ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлашдаги, мамлакатимизда хотин-қизлар спортига эътиборнинг янада ортишидаги хизматлари тилга олинди. Велоспортчиларимиз учун узоқ кутилган профессионал клубнинг ташкил этилиши, 2 ёш вакилимизнинг Франция клуби таркибига бориб қўшилганини бу борада олиб борилаётган ишларнинг амалий тасдиғи сифатида кўриш мумкин.

Онлайн мулоқотда Туркия йиғинида жамоамизнинг олдига қўйилган мақсади, спортчиларимизнинг қандай тайёргарлик кўраётгани, йиғин доирасида ҳафта якунида иштирок этадиган халқаро мусобақалари бўйича фикрлар алмашилди. Рустам Шоабдураҳмонов велоспортчиларимиз билан алоҳида гаплашиб, уларга ўзининг илиқ тилакларини йўллади. Шунингдек, у МОҚ томонидан "Tashkent city professional cycling team" жамоаси пойгачилари моддий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

“Биз мусобақаларга тайёрланишдаги қарашимизни бутунлай ўзгартиришимиз керак. Барчамиз Токио Олимпиадасидан сўнг керакли хулосани чиқардик. Трасса, татами, ҳавза, ринг – барчаси қандай тайёргарликда келганимизни кўрсатади. Парижда ўзимизни янада кучли кўрсатишимиз керак. Бунинг учун спортчиларимизга ғолиблик руҳини беришимиз керак. Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ томонидан барча ёрдам кўрсатилади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Режаларга тўхталадиган бўлсак, велоспортчиларимизнинг Туркия йиғини 21 мартга қадар давом этади. Шундан сўнг улар Тожикистонда шосседа ўтадиган Осиё чемпионатига йўл олишади. Жамоа олдига ушбу мусобақа ва йиғинлар орқали жорий йил кутиб турган Осиё ўйинлари ва бошқа йирик мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриш вазифаси қўйилган.

Text to speech