Спортимиз мутасаддилари ёш енгил атлетикачиларимиз билан учрашишди
МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз вакиллари билан учрашишда давом этади. Бугун мутасаддилар Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида бўлиб, асосий таркиб вакилларининг машғулотларини кузатиш баробарида терма жамоага номзод бир қатор ёшларимиз билан учрашишди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев бошчилигидаги федерация мутасаддилари, мураббийлар ҳам иштирок этишди.
Cуҳбатда МОҚ ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарлари тайёргарлик тизимида янгича методикага ёндашиш кераклигига алоҳида аҳамият қаратди.
“Ҳозир барча федерациялар янгича тизим асосида тайёргарлик олиб боришмоқда. Даврлар оралиғида норматив топшира олмаган вакилларимиз билан хайрлашамиз ва уларнинг ўрнига селекция орқали бошқа номзодларни қидирамиз. Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор ва унинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришини барчамиз кўрмоқдамиз. Куни кеча Президентимизнинг Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик бўйича эълон қилган Қарорларини кўргандирсиз. Жуда катта мотивацион характерга эга рақамлар бор. Бу спортчиларимизга эътибор қанчалик катта эканини кўрсатмоқда. Сизлардан эса астойдил шуғулланиб, ватанингиз, номингизни машҳур қилишингизни сўраб қоламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Йиғилиш давомида спортчиларнинг тажрибаларини ошириш, жамоани керакли инвентарлар билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга керакли топшириқлар берилди. Шунингдек, мутасаддилар терма жамоага номзод янги спортчилар билан бирма бир суҳбатлашиб, уларнинг режалари, мақсадлари ҳақида фикр алмашди.